.

Asosiy mavzular

ЮРИДИК ТЕХНИКУМЛАР ЮРИДИК ТАЪЛИМ ВА ФАННИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИДИР

Byadmin

Avg 25, 2020

Ҳар қандай ҳуқуқий демократик мамлакатда ижтимоий–иқтисодий соҳанинг ривожланганлиги, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланганлиги қонун устуворлигини таъминланишига бевосита боғлиқдир.

Албатта, жамиятимизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган ушбу вазифаларни тўла-тўкис адо этишда мукаммал ишлаб чиқилган қонун қоидаларни қабул қилинишининг ўзи етарли эмас.

Бунда, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ҳаётимизга тўғри тадбиқ этилиши ижро органларининг, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, уларда фаолият олиб борувчи кадрларнинг юксак салоҳиятига боғлиқдир.

Сир эмаски, бугунги кунга қадар юртимизда қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашда  бир қанча тизимли камчиликлар мавжудлиги кўзга ташланди.

Жумладан, ижро ҳокимияти ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда  малакали мутахассис-ҳуқуқшунос кадрларнинг қўнимсизлиги, мавжуд ходимлар томонидан қабул қилинган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг нотўғри амалиётга тадбиқ этилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг мулкий ҳуқуқлари ҳамда шахсий даҳлсизлигига салбий таъсир қилмоқда.

Ҳозирда, юртимизда ушбу муаммоларни тизимли равишда бартараф этиш ва  таълим жараёнини сифатини оширишда  ҳар бир таълим  муассасасида  фаолият юритаётган  кадрлар салоҳиятини юксалтириш, профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб  рағбатлантириш, таълим даргоҳларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро миқёсда тан олинган илғор таълим стандартларини жорий этиш энг устувор вазифалар саналади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 29 апрелъ куни таълим тизимини, хусусан, юридик таълим ва фанни ривожлантириш мақсадида бир қатор аниқ  чора-тадбирларни амалга оширишга доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5987-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, юридик техникумларга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиши, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартибининг жорий этилиши, қабул жараёнининг адолатли ва шаффоф ўтказилишида муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, юридик техникумлар учун белгиланган қабул параметрлари юридик кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда белгиланиши юридик техникумларда таҳсил олган ўқувчи ёшларни иш билан бандлигини таминлашда устувор аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, ушбу Фармонда юридик техникумларга ўқувчиларни  қабул қилишда қабул параметрлари мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларида жорий ва  истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида шакллантирилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, ўқитишнинг кредит-модуль тизимини ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳамда ўқув базасини янгилаш юзасидан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилиниши ушбу ҳужжатда ўз аксини топган бўлиб, бу ўз навбатида ўқувчи ёшларни бўш вақтидан унумли фойдаланган ҳолда юридик соҳада етук мутахассис кадр бўлиб етишишида муҳим омил бўлади.

Энг аҳамиятли томони шундаки, техникум ўқувчилари учун яратилган кенг имкониятлардан бири сифатида юридик техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни Тошкент давлат юридик университетига ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат асосида қабул қилинишининг белгиланишидир.

Бир сўз билан айтганда, профессионал таълим тизимида юртимизнинг барча ҳудудларида юридик техникумларнинг ташкил этилиши, юридик таълим ва фанни ривожлантиришда, юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатни ривожлантиришда, хусусан, меҳнат бозорида талабларга мос юқори малакали ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

 

Тошкент вилояти юридик техникуми

“Конституциявий ҳуқуқ” фани  ўқитувчиси

Абдуназаров Абдураҳмон